
ФАРҒОНА, 10 декабрь. /«Дунё» АА/. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Сингапурнинг «Индорама» компанияси директори Пракаш Кеджривал билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Вилоят ҳокимлиги маълумотига кўра, учрашувда компания томонидан “Индорама” бренди остида ишлаб чиқарилаётган полиэстер, минерал ўғитлар, тўқимачилик маҳсулотларининг харидоргирлиги таъкидланди. Шунингдек, «Индорама Қўқон текстиль» қўшма корхонаси фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
Вилоят раҳбари Ўзбекистон ва “Индорама” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни жаҳон бозорида янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ҳамкорлик ва келгусидаги режалар ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда «Индорама» компанияси директори Пракаш Кеджривал самимий ва дўстона қабул учун мамнун эканини қайд этди.
— «Индорама Қўқон текстиль» қўшма корхонаси қарийб 10 йилдан буён вилоятда самарали фаолият кўрсатмоқда. Калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонада бугунги кунда 1 минг 200 га яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда, — дейди компания директори. – Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари мобайнида 20 дан ортиқ хорижий давлатга 61,8 миллион долларлик калава ип маҳсулотлари экспорт қилинди.
Компания раҳбари шунингдек, мамлакатимизда хорижлик инвесторлар учун яратилган имконият ва имтиёзларни эътироф этиб, вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳалари бўйича ўз таклифларини билдирди.