
ТОШКЕНТ, 18 июнь. /«Дунё» АА/. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисини электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мақсадида «Тахиатош ИЭС»да 280 МВт қувватдаги иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати манбасига асосланиб.
Ушбу буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади.
Мазкур йирик инвестиция лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 сентябрдаги «Тахиятош ИЭСда 230 — 280 МВт қувватга эга иккита парогаз қурилмаларини қуриш» инвестиция лойиҳасини амалга оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Лойиҳа Жанубий Кореянинг «Hyundai Engineering” ва “Hyundai Engineering & Construction” компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.