
ТОШКЕНТ, 4 ноябрь. /«Дунё» АА/. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ҳужжатдан кўзланган мақсад мамлакатимизда инновацион лойиҳалар ва стартап-экотизимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион инфратузилмани ривожлантириш жараёнини жадаллаштиришдан иборат.
Ҳукуматнинг мазкур қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Инновацион ғоялар ва стартап-экотизимни қўллаб-кувватлаш инфратузилмасини яратиш мақсадида “UzVC” миллий венчур фондини масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этиш вазифаси юклатилиб, Фонднинг бошланғич устав капиталини 15 миллиард сўм миқдорида белгилаш айтилган.
Фонднинг бошланғич устав капиталини 2020 йил Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан шакллантириш ва Фонднинг устав капиталидаги 100 фоиз улушни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш таклифлари илгари сурилган.
Шунингдек, Фонднинг устав капиталини қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан оширишга рухсат берилиши, Фонд юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахслар билан шерикликда венчур лойиҳаларни молиялаштириш максадида венчур фонди муассиси бўлиши мумкинлиги белгиланган.
Фонд Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Университет кўчасидаги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг маъмурий биносида текин фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштирилиши қайд этилган.