
БРЮССЕЛЬ, 12 июнь. /«Дунё» АА/. Европа парламентидаги «Европа Иттифоқи – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи ўзининг расмий www.euuzbekistan.eu веб-сайтини ишга туширди, деб хабар бермоқда АА мухбири.
Сайт платформасида Дўстлик гуруҳи томонидан ўтказиладиган тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистон ҳаёти ва Ўзбекистон-Европа муносабатларидаги муҳим янгиликлар кенг ёритилади.
Электрон нашрда «Янгиликлар», «Маданият», «Санъат», «Таълим», «Туризм», «Бизнес», «Сиёсат» сингари бўлимлар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 29 апрель куни Европа парламентида «Европа Иттифоқи – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳининг расман очилишига бағишланган маросим бўлиб ўтган эди. Гуруҳ ижтимоий тармоқларда қуйидаги саҳифаларни очган:
https://twitter.com/EUUzbekistan;
https://www.instagram.com/euuzbekistan/;
(https://www.facebook.com/EUUzbekistan).
«Европа Иттифоқи-Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи Европа парламентига қатор мамлакатлардан сайланган депутатлар ташаббуси билан ташкил этилган.
Гуруҳ таъсисчилари Ришард Чарнецки (Польша), Фульвио Мартушелло (Италия), Атиже Алиева-Вели (Болгария), Адриан Васкес Ласара (Испания), Тиерри Мариани (Франция), Татьяна Жанока (Латвия), Иулиу Винклер (Руминия) ва Никлас Нинас (Германия) ҳисобланади. Гуруҳ Европа парламентининг бошқа барча аъзолари учун ҳам очиқ.
Дўстлик гуруҳига польшалик евродепутат Ришард Чарнецки раислик қилмоқда. Ипак Текдемир эса гуруҳи бош котиби ва сиёсий маслаҳатчиси вазифасини бажармоқда.
Гуруҳ халқаро нодавлат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтишни режалаштирмоқда.
«Европа Иттифоқи – Ўзбекистон» дўстлик гуруҳи Европа жамоатчилигини Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ислоҳотлар, Ўзбекистон-Европа муносабатлари билан яқиндан хабардор қилишга кўмаклашади. Унда маданият, таълим, илм-фан соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни, шунингдек, халқлараро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Гуруҳ Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ижтимоий-сиёсий ва ишбилармон доиралари ўртасидаги мулоқотни ҳам тарғиб қилади. Унинг фаолияти «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» форматидаги ўзаро ҳамкорликнинг мавжуд платформаларини тўлдиришга қаратилган.