
ТОШКЕНТ, 9 октябрь. /«Дунё» АА/. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Президент сайловини кузатиш бўйича миссиясининг оралиқ ҳисоботи эълон қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
ЕХҲТ ДИИҲБ жорий йил 15 сентябрь куни Ўзбекистонда ўз миссиясини бошлади. У Тошкентда жойлашган 11 нафар мутахассисдан иборат.
Шу билан бирга, 24 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча вилоятлари бўйича тақсимланган 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари, сиёсий партиялар ва маҳаллий ҳокимият органлари вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда.
ДИИҲБ миссияси ушбу учрашувлар натижаларига асосланиб, ўз ҳисоботида сайлов кампаниясидаги қатор ижобий жиҳатлар ҳақида таъкидлаган. Хусусан, унда барча тартиб-таомилларнинг муддатларига сайлов органларининг амал қилиши, яъни режалаштирилган тадбирлар белгиланган саналарда ўз вақтида ўтаётгани қайд этилган.
Ҳисоботда фуқароларнинг сайлов жараёни билан боғлиқ шикоятлари йўқлиги маълум қилинган. МСК, ҳудудий сайлов ёки суд органларига аҳолидан бирон-бир шикоят келиб тушмаган.
Исталган сиёсий партия, ОАВ вакиллари ва маҳалла фуқаролар йиғини ходимлари сайловларни кузатиш учун эркин киришга ҳақлидирлар.
ЕХҲТ ДИИҲБ ўз ҳисоботида Ўзбекистондаги медиа маконга ўз эътиборини қаратган. Миссия сўнгги йилларда медиа иқлимнинг яхшиланганини қўллаб-қувватлаган.
Бугунги кунда Ўзбекистон ОАВ халқ овози ва тўртинчи ҳокимиятга айланди. ОАВда эълон қилинаётган танқидий мақолалар эътиборсиз қолмаяпти, давлат органлари уларни таҳлил қилиб, жамият билан мулоқотга киришмоқда. Фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлигининг таъминланиши учун кенг имкониятларни яратмоқда.