
ТОШКЕНТ, 25 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг (БМТ ИҲОКБ) Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмаси бошлиғи Ришард Коменда билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ИҲОКБ вакили Ўзбекистон томонини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегментида муваффақиятли қатнашгани билан қутлаб, Президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббусларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Ришард Комендага Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий этиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан мазкур йўналишдаги ҳамкорликни кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Суҳбат давомида мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзолигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон билан ИҲОКБ ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.