
ТОШКЕНТ, 16 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Термиз шаҳрида Ўзбекистон ва Афғонистон делегацияларининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, делегацияларга Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Афғонистон Муваққат ҳукумати раҳбари ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдул Салом Ҳанафий бошчилик қилди.
Музокаралар чоғида турли вазирлик ва идоралар вакиллари савдо-иқтисодий алоқалар, чегара хавфсизлигини таъминлаш, энергетика, халқаро юк ташиш ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, таълим ва гуманитар соҳадаги алоқаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш тармоғи ҳамда “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуришга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувлар натижасида муҳокама қилинган масалалар бўйича қатор икки томонлама келишувларга эришилди.
Афғонистон делегацияси Ўзбекистон томонига самарали музокаралар ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдирди.