
ТОШКЕНТ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бугун БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСEФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси янги раҳбари Мунир Мамедзадени қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мунир Мамедзаде ўзининг лавозимга тайинлангани ҳақидаги ЮНИСEФ Ижрочи директори Хенриетти Фор хатини вазирга тақдим этди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон билан ЮНИСEФ ўртасидаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришнинг жорий ҳолати ва устувор йўналишлари, хусусан, болалар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳалар ҳақида сўз юритилди.
Томонлар ўзларини қизиқтирган бошқа масалалар бўйича ҳам фикр алмашди.
Мунир Мамедзаде Озарбайжон фуқароси, инглиз, рус ва турк тилларини яхши билади. У ЮНИСEФнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари сифатида 2016 йил октябридан буён ишлаб келган Саша Грауманн ўрнига тайинланди.